"Афросиёб" поездининг йўналиши 15 дақиқага қисқарди
2013 йил 29 январь куни Ўзбекистон миллий матбуот марказида "Ўзбекистон темир йўллари” компаниясининг 2012 йил якунларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Унда компания томонидан йил давомида амалга оширилган лойиҳалар, Давлат дастурлари ижроси юзасидан маълумотлар берилди. Тадбирда компаниянинг етакчи мутахассислари ва республика миқёсидаги маҳаллий ҳамда ҳорижий ОАВ вакиллари иштирок этишди. Тадбир давомида таъкидланганидек, компания ўтган йилда соҳанинг иқтисосодий барқарорлигини таъминловчи барча кўрсаткичларни ортиғи билан бажаришга ва сифат кўрсаткичларини яхшилашга эришди.
Хусусан, 2012 йилда компаниянинг темир йўл бекатларидан 62 млн. тонна юк жўнатилиши таъминланди. Бундан ташқари 11,4 млн. тоннадан ортиқ транзит юклар ташилди. Республикамизга 10,5 млн. тонна импорт юклари ташиб келинди, экспорт юкларини ташиш ҳажми 622 минг тоннага кўпайиб, 6,7 млн. тоннани ташкил қилди. Мазкур ташишлар натижасида ҳисобот даврида юк айланмаси ҳажми 22,8 млрд тонна км.ни ташкил этди. 17,2 млн. йўловчи ўз манзилларига етказиб қўйилди, йўловчи айланмасининг ҳажми 3,5 млрд. йўловчи-км.ни ташкил қилди. Барча қайд этилган кўрсаткичлар 2011 йилга нисбатан 114 фоизгача ошириб бажарилди. Компания томонидан кўрсатилган экспорт хизматлари ҳажми 290,9 млн. АҚШ долларини ташкил қилди. Таққослама нархларда 230,9 млрд. сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилди, аҳолига 38,6 млрд. сўмлик пуллик хизматлар кўрсатилди. Маҳаллий хом-ашё асосида ишлаб чиқариш давлат дастурига мувофиқ умумий қиймати 117,3 млрд. сўмни ташкил этувчи 20 та лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилган эди ва бу режа ортиғи билан бажарилди. Халқаро саноат ярмаркаси ва кооперацион биржа ўтказиш даврида умумий қиймати 122, 7 млрд.сўмлик жами 55 та шартнома имзоланган ва натижада 651 та янги иш ўринлари ташкил қилинган.
Эндиликда Тошкент-Самарқанд шаҳарлари оралиғида 344 километрлик темир йўл линияси 328,5 км.гача, яъни 15,5 кмга қисқартирилди, натижада "Afrosiyob” поездлари ҳаракат вақти 15 дақиқага қисқариб, энди йўловчилар бу йўлни 2 соату 7 дақиқада босиб ўтмоқдалар. Жаҳон андозалари талабларига жавоб берадиган Урганч ҳамда Жиззаҳ темир йўл вокзаллари қайта реконструкция қилиниб фойдаланишга топширилди. "Ўзбекистон темир йўллари” компанияси 2013 йилда 240 км. узунликдаги темир йўлларни реабилитация қилиш, йил сўнггигача "Мароқанд-Қарши” темир йўл участкасини электрлаштиришни якунига етказиш, "Қарши-Термиз” темир йўл участкаларини электрлаштиришни жадаллаштириш, Қуюв-механика заводи реконструкциясини жорий йилда якунлаш каби лойиҳаларни бажаришни ўз олдига вазифа қилиб қўйган. | |
Просмотров: 643 marta |
Barcha izoxlar: 0 ta | |